Gumrohlar / Гумрохлар (Yangi o'zbek film 2015)Gumrohlar / Гумрохлар
Кучли ирода, мустаҳкам матонат ҳамда мустақил фикрга эга инсон ташқаридан келган ҳар қандай кимсаларга эргашиб кетавермайди, ўз нуқтаи назарини, оиласи, Ватанининг шаънини сўнгги дақиқагача ҳимоя қила олади. Лекин бундай фазилатларнинг аксига эга инсонларнинг тақдири қандай якун топади, деган савол кўпчиликни ўйлантириши табиий. Кеча пойтахтимиздаги Киночилар уйи ва Алишер Навоий номидаги кино саройида премьераси бўлиб ўтган, «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига асосан «Ватан» киностудиясида суратга олинган «Гумроҳлар» бадиий фильмида ирода ва иродасизлик, қаноат ва нафс, садоқат ва хиёнат каби яхши ва ёмон хусусиятларга эга инсонларнинг мафкуравий кураши, тақдири томошабинларнинг эътиборини четда қолдирмади. Фильм сценарий муаллифи ва бош режиссёри Ҳилол Насимовнинг фикрича, Ўзбекистон, Туркия ва АҚШда тасвирга молинган ушбу фильм бугун ўсиб келаётган ёшларимизни, ҳали мафкуравий иммунитети у қадар шаклланмаган инсонларни ўзбек халқининг осуда ҳаёти ва равнақига путур етказмоқчи бўлган кимсаларнинг найрангига учмасликка, алданиб қолмасликка ундайди. Фильмни томоша қилганлар ундаги бош қаҳрамонлардан бири Оллоёрнинг аянчли тақдирига ачинишади. Айни пайтда унинг ҳаёти остин-устун бўлишида, авваламбор ўзи айбдорлигини, унинг ҳамиятсизлиги, дуч келган шахсларга ишониб, эргашиб кетавериши оқибатида оиласига, Ватанига хоинлик қилиш даражасида гуноҳга қўл уришига олиб келганини кўрганлар энди унга ачинишмайди, балки нафратланишади. Ҳар қандай вазиятда ҳам она Ватанни қадрлаш, ютуқларига қувониб, камчиликларини биргаликда бартараф қилиш, унинг шаънига доғ туширмаслик юртпарвар инсонга хос жиҳатлар ҳисобланади. Фильмда гавдалантирилган яна бир қаҳрамон — Мирза Маҳмудовга ўхшаш мард ўғлонларнинг ана шундай хатти-ҳаракатлари эса ёшларимизга ўрнак вазифасини ўташи табиий. У ҳужжатли фильм режиссёри сифатида тақдир тақозоси билан хорижий давлатларда яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳаёти ҳақида фильмни суратга олишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Тасвирга тушириш жараёнида бир қанча юртдошларимиз билан суҳбатлашади. Томошабин юрт соғинчи билан ўртанаётганларнинг самимий гап-сўзларидан таъсирланса, Ватанга хоинлик қилиб, унга ҳасад қилганларга эргашиб кетган собиқ ватандошларимизнинг, яъни фильм номидагидек «гумроҳ»ларнинг хатти-ҳаракатлари, сўзлари эса уларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотади. Бу каби фильмлар ёшларимизнинг мафкуравий иммунитети кучайишига, ватанпарварлик туйғуси шаклланишига ёрдам бериши муқаррар.